Шу кунларда “Бунёдкор” жамоаси раҳбарияти клуб музейини яратиш масаласида якуний лойиҳа ишларини ўз ниҳоясига етказмоқда.Маълумки, дунёдаги ҳар бир катта клуб ўзининг махсус музейига эга. Бундай музейлар клубнинг ташкил топиши, ривожланиш босқичлари, эришган ютуқ ва муваффақиятларини ўзида акс эттиради ва ёш авлодга, клубнинг ёш мухлисларига ҳамда унинг тарихи билан қизиққан бошқа инсонларга ушбу жамоа тўғрисида имкони қадар тўлақонли тасаввур етказишга хизмат қилади ва ёрдам беради.
Бундай музейларнинг асосий экспонатларини эса жамоа қўлга киритган сон-саноқсиз медаль, кубок, диплом, фахрий ёрлиқ ва бошқа совринлар, жамоа ҳаётида юз берган эътиборли воқеаларни акс эттирувчи фотосуратлар стенди, рақиб жамоалар, ҳамкорлар ёки ҳомийлар томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари, хорижий сафарлардан фанатлар томонидан олиб келинган футболга хос антиквар буюмлар, коллекция қилинган значок ва атрибутикалар ташкил этади ва ҳ.к.
“Бунёдкор” футбол клубининг музейи ҳам худди шунга монанд равишда яратилмоқда. Музей экспонатларини бойитиш мақсадида жамоанинг собиқ ва амалдаги мураббий ва футболчиларидан ноёб спорт формалари, бутса, футболкалар, дарвозабонларнинг қўлқоплари, бейжиклар, шахсий буюмлар, фанатларимиздан эса камёб сувенир, значок, брелок, ўйинларга кириш чипталари, программкалар, вимпел, таниқли футболчилар дастхат чеккан коптоклар ва кўплаб бошқа турдаги нарсалар келиб тушиши кутиляпти.
Шу тариқа, “Бунёдкор” юртимизда клубларга доир яна бир соҳанинг кашфиётчиси сифатида зикр этилмоқда, яна бир янги йўналишга асос солмоқда. Шу кунгача клубнинг махсус музейи Ўзбекистонда ҳали ҳеч қайси жамоада ташкил топмаган эди.
манба: fcbunyodkor.com
