Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цутому Хираока 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Орипов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча жабҳаларда, жумладан, маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида еришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Япония мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётир. Мамлакатларимиз ўртасида маданият соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Хусусан, Ўзбекистон-Япония археологик експедицияси Сурхондарьё вилоятининг Қоратепа, Кампиртепа ва Далварзинтепа ҳудудларини тадқиқ қилиш бўйича катта муваффақиятларга еришмоқда. Музокарада ҳамкорликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга оид масалалар йузасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида Ўзбекистон билан Япония ҳукуматлари ўртасида маданият соҳасида беғараз ёрдам дастури доирасида Алмашув ноталари имзоланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрининг овоз, ёритиш, аудиовизуал ускуналарини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 33,2 миллион иен (қарийб 330 минг АҚШ доллари) ажратилади. Ушбу лойиҳа Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 3 февралда қабул қилинган Япония ҳукуматининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрини махсус жиҳозлар билан таъминлаш учун ажратилган грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганидан мамнунмиз, – деди Сутому Хираока. – Имзоланган ушбу ҳужжат Ўзбекистон билан Япония ўртасида маданият соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
манба: uza.uz
