Сиёсат » press-service.uz
Сешанба, 20.04.2010, 03:33pm (GMT+5)
   Tell friend    Print

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Қарори

Пул муомаласи тизимини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва банкдан ташқари нақд пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда илғор банк технологияларини жорий этиш асосида хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида:

1. Республикада пластик карточкаларни ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилгани маълумот учун қабул қилинсин. Ушбу механизмга биноан:

-ҳар бир пластик карточка эгаси карточка ҳисобрақамидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи шахсий идентификация рақами (ПИН-код)га эга бўлиб, у нотўғри терилган тақдирда пластик карточка автоматик тарзда блокировка қилинади; 

-бегона шахсларнинг сохталаштириши ва рухсатсиз фойдаланишига йўл қўймайдиган микрочипли модуллар ва маълумотларни шифрлайдиган тўрт поғонали тизимга эга пластик карточкалар орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш борасида ягона “Ўзкарт” тўлов тизими фаолият кўрсатмоқда; пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда мижозлар ҳисоб-рақамидан маблағ ечиш ва унга пул ўтказиш Умумреспублика ягона процессинг маркази орқали амалга оширилади, бу мижозлар ҳамда сотувчиларни турли қаллоблик ва алдовлардан ҳимоя қилишни таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари пластик карточкалар, ҳисоб-китоб терминаллари, банкоматлар ва бошқа махсус жиҳозларни юқори даражада ҳимоя қилиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши устидан қатъий тизимли назоратни таъминласин, пластик карточкалардан фойдаланиш орқали нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда сохталаштириш ҳамда фирибгарликларни истисно этадиган қўшимча чора-тадбирларни кўрсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2010-2011 йилларга мўлжалланган банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бўйича махсус жиҳозлар тармоғини қўшимча кенгайтиришга доир прогноз кўрсаткичлар 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ва тижорат банкларининг аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси обектлари рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги таклифига (2-илова) розилик берилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари манфаатдор давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда 2011 йилнинг 1 январига қадар мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхатга киритилган чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш обектларини банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин. Белгилаб қўйилсинки, юқоридаги рўйхатга киритилган хўжалик субектларининг тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланишга оид талабларга риоя қилмаслиги назорат-касса машиналари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш тартибини, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси: аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш обектларининг қонунчиликка биноан банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш талабларига сўзсиз риоя қилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган обектлар фаолияти устидан мунтазам мониторинг ўтказсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки: Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан биргаликда тижорат банкларининг сўмли банк пластик карточкалари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича тасдиқланган ягона тарифларга риоя қилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин;

-тижорат банкларининг ягона тарифларга риоя қилмаслиги бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан уларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўрсин, шунингдек, тарифлар ошишига йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган санкцияларни қўлласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 3 августда қабул қилинган “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 433-қарорининг 1-банд иккинчи абзатси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентабрда қабул қилинган “Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445-қарорининг 7-банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 июлда қабул қилинган “Банкларнинг капиталлашувини янада ошириш ва иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестиция жараёнларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 670-қарорининг 7-бандида кўзда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларига амал қилиш муддати 2012 йилнинг 1 январигача узайтирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин; идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М.Муллажонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Тошкент шаҳри, 2010 йил 19 апрел

манба: press-service.uz


Последние комментарии » Все [ 1 ]

Камбаров Акром Анварович Чоршанба, 19.05.2010, 07:33am Ответить
Мен ахолига уяли алока хизматлари учун электрон туловларни амалга ошириш фаолияти билан шугулланадиган хусусий корхона очдим. Тулов шахобчалари терминаллари билан таъминланадими. Хизмат курсатувчи банк мутасаддилари Пайнет шахобчаларига тулов терминаллари берилмайди деб фикр билдирмокда. Биз кандай йул тутишимиз керак.

Популярные новости

{popular_news}