Қадрли дўстлар!
Авваламбор, сиз, азиз деҳқон ва фермерларимизни, барча дала меҳнаткашларини 7 миллион тоннага яқин юксак ғалла хирмони бунёд этиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида ҳеч шубҳасиз навбатдаги янги саҳифа очишга эришганингиз – мана шундай улкан ғалабангиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Азалдан нондек азиз ва табаррук неъматнинг қадрига этадиган, уни кўзига тўтиё қилиб яшайдиган халқимиз бу беқиёс ютуқ қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига қўлга киритилганини чуқур англайди ва ризқ-рўзимиз бўлмиш бундай бебаҳо бойликни бизга насиб этгани, эл-юртимизнинг йўлини очиб бергани, ўзи мададкор бўлгани учун Яратганимизга шукроналар билдириб, заҳматкаш, фидойи деҳқонларимизга тасаннолар айтади. Бир вақтлар ўлкамиз ўз еҳтиёжини қондириш мақсадида кимгадир муҳтож бўлиб, кимгадир ялиниб, катта маблағлар тўлаш ҳисобидан донни четдан олиб келганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги кунда Ватанимиз ғалла мустақиллигига эришиб, ҳар томонлама тўқчиликни қўлга киритганимиз, керак бўлса, ғаллани экспорт қилиш имкониятига эга бўлганимиз, шу кунларга этганимиз учун барчамиз чин қалбдан миннатдор бўлишимиз табиий, албатта. Азизларим, барчангиз яхши биласиз, бундай марраларга этиш осон бўлгани йўқ. Бунинг негизида аввало узоқни кўзлаб, изчиллик билан амалга оширилаётган давлат сиёсати, чуқур ўйланган ислоҳотлар, шу йўлда энг муҳим ўрин ва аҳамият касб этган фермерлик ҳаракатига ўтганимиз, унга кенг йўл ва имтиёзлар очиб берганимиз, ҳозирги вақтда юртимизда фермерлик ҳақиқатан ҳам тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётгани, айни пайтда соҳага илмий асосланган, Ўзбекистоннинг иқлими ва шароитига мослаштирилган замонавий агротехнологияларни жорий қилиш, бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳолисининг меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш масалалари мужассам бўлганини такрор-такрор айтиш ўринли деб биламан.
Шу борада ерни ҳақиқий эгасига топширганимиз, мулкдорлик ва ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳиссиёти далада ишлайдиган ҳар бир одамнинг қалбидан чуқур жой олгани, шу аснода меҳнатчиларимизнинг дунёқараши ўзгариб, онгу тафаккури юксалиб, келажакка ишонч туйғуси янада мустаҳкам бўлиб бораётганининг ўзи бугун қишлоқларимизда йуз бераётган туб ўзгаришларнинг яққол намунаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Кейинги йилларда минтақамизда об-ҳаво ва иқлимнинг ўзгариб бораётгани, хусусан, ўтган йили кузнинг ноқулай келгани, баҳорда дўл, сел ва ёғингарчилик меъёридан кўп бўлгани, қолаверса, турли зараркунандалар ва касалликлар бошоқли экинлар ривожига салбий таъсир кўрсатди. Ҳатто ғалла ўримга келган пайтда кучли шамол ва жала туфайли айрим далаларда бўлиқ майсаларнинг ётиб қолиши қўшимча ташвиш туғдирди.
Мухтасар айтганда, мана шундай мураккаб ҳолатлар ғаллакорларимизнинг иродасини яна бир марта жиддий имтиҳондан ўтказди. Шуни ғурур ва ифтихор билан таъкидлаш лозимки, ҳаёт синовларида тобланган, азму шижоатли деҳқонларимиз бу имтиҳондан ёруғ йуз билан ўтиб, барча қийинчиликларни енгиб, мўл ҳосил этиштиришга эришдилар.
Мамлакат бўйича ўтган йилга нисбатан 286 минг тонна кўп дон этиштирилгани, суғориладиган ерлардан ҳосилдорлик гектарига ўртача 51 сентнерни ташкил етгани, лалми ерлардан ҳам баракали ҳосил олингани бунинг амалий тасдиғидир. Айниқса, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик даражаси ўртача 53-58 сентнерни ташкил етгани, Пахтаобод, Балиқчи, Иштихон, Яккабоғ, Касби, Учқўрғон, Ғиждувон, Пешку, Қуйи Чирчиқ, Дўстлик туманларида бу кўрсаткич 55-67 центнердан юқори бўлгани фидойи ўзбек деҳқонининг қандай буйук ишларга қодир эканини яна бир бор намоён етди.
Энг муҳими, шартнома мажбуриятларига амал қилган ҳолда, этиштирилган ҳосилнинг 4 миллион 90 минг тоннаси, яъни қарийб 60 фоизи фермер хўжаликлари ва аҳоли ихтиёрида қолдирилгани деҳқонларимизнинг омбори ғаллага, рўзғори қут-баракага тўлиб, уларнинг ўз меҳнатидан катта манфаат топаётганининг ёрқин ифодасидир. Буларнинг барчаси, ўз навбатида мамлакатимиз тараққиёти, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи учун, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш, баркамол авлодни тарбиялашдек олижаноб ишларимизни янада кенг кўламда давом эттириш, юртимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида белгилаб олган дастур ва режаларимизни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши муқаррар.
Албатта, ҳали далаларимизда қиладиган ишларимиз кўп. Энг аввало, этиштирилган ғалла ҳосилини тўла йиғиб-териб олиш, ерни шудгорлаш ишларини сифатли бажариб, келгуси йил ҳосилига пухта замин яратишимиз керак. Ишончим комилки, юртимиз деҳқонлари қишлоқ хўжалиги ишларини самарали давом эттириб, пахта, сабзавот, полиз ва бошқа экинлардан ҳам мўл ҳосил этиштиришга ва бу йилги мавсумни барча соҳалар бўйича ёруғ йуз билан якунлашга эришадилар.
Мана шундай хурсандчилик кунда сиз миришкор фермерларимизга, ўрим-йиғимда жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилган механизаторларга, мутахассис ва мутасаддиларга, бугунги улкан ютуққа муносиб ҳисса қўшган барча-барча инсонларга яна бир бор чин қалбимдан самимий миннатдорлик изҳор этаман. Лафзи ҳалол, мард ва танти бободеҳқонларимизга бутун халқимиз номидан таъзим қиламан. Хонадонларимиздан, эл-юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, файзу барака аримасин! Меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, ҳеч қачон кам бўлманг, азизларим!
Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти
манба: press-service.uz
