“Ўзбекенгилсаноат” давлат аксиядорлик компанияси томонидан ташкил қилинган умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун ихтисослашган кийимлар ярмаркаси очилди. Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Ўзулгуржисавдоинвест” уйушмаси таркибига кирувчи компаниялар вакиллари, мактаблар, лицей ва коллежлар раҳбарлари, шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.Мамлакатимизда янги 2010-2011 ўқув йилига ҳозирлик кўрилмоқда. Пойтахтимиз ва жойларда бўлиб ўтаётган турли тадбирлар умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини мактаб анжомлари, ўқув-услубий қўлланмалар, ўқувчиларни мактаб кийими ҳамда поябзал билан ўз вақтида таъминлашга кўмаклашмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 июлда қабул қилинган 2010-2011 ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун мактаб бозорлари ва ярмаркаларини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Тадбирнинг очилишида “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Шамсиддин Султонов мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ҳеч кимдан кам бўлмаган, соғлом, интеллектуал салоҳияти юқори ва эркин фикрлайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг салмоқли натижаларини бераётганини таъкидлади.Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари, дастурлар ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, ўз салоҳиятини намоён этиши, йигит-қизларга янада кўпроқ еътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган ва ҳаётга изчил татбиқ етилаётган “Баркамол авлод йили” Давлат дастурига мувофиқ давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий адабиётларни янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги ахборот-коммуникация ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини мактаб анжомлари, ўқув-услубий қўлланмалар, ўқувчиларни эса мактаб кийими ҳамда поябзал билан таъминлаш бўйича хайрли ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Ушбу дастур доирасида ташкил этилган мазкур ярмарка ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Бу йилги ярмарка алоҳида хусусиятга эга. Унинг миқёси янги иштирокчиларни жалб қилиш, намойиш этиш учун қўйилган маҳсулотлар сонининг кўпайиши ҳисобидан сезиларли даражада кенгайтирилди. Ярмаркада “Муштарий Инт” акциядорлик жамияти, “Мурувват текс”, “Cotton Road” қўшма корхоналари ва “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи бошқа турли мулкчилик шаклидаги 20 дан ортиқ корхона ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Унда асосан умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари формаси, болалар ва ўсмирлар учун спорт кийимлари, шунингдек, поябзаллар намойиш қилинмоқда.
– Бу йил ихтисослашган ярмаркада илк бор иштирок этмоқдамиз, – дейди “Муштарий Инт” акциядорлик жамияти раҳбари Жалол Абдуллаев. – Корхонамизда ўқувчилар учун кийимлар – костюмлар, шимлар ва кўйлаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Маҳсулотларимиз сифати бўйича хорижникидан қолишмайди ва ярмарка давомида уларга билдирилаётган катта қизиқиш ҳам буни тасдиқлайди. Бу ерда кўплаб шартномалар тузиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятидамиз.
Бундан ташқари ярмарка доирасида “Dong San Int” Ўзбекистон-Жанубий Корея компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган спорт ва мактаб товарларининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди. Корхона Ўзбекистон бозорида 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида ўқувчилар учун мактаб формаси, болалар ва ўсмирлар учун спорт ҳамда қишки кийимлар ишлаб чиқарадиган янги тўқимачилик фабрикаси иш бошлади. Ярмарка фабрикада ишлаб чиқарилган дастлабки маҳсулотларни намойиш этиш имконини берди. Ярмарка 10 сентабргача давом этади. Унда тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича кўплаб шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
манба: uza.uz
