Пойтахтимизда теннис бўйича ўсмирлар ўртасида давом этаётган Халқаро теннис федерацияси (ИТФ) мусобақалари тақвимига кирувчи “NBU Cup– 2010” халқаро турнирида бош соврин учун кураш қизғин паллага кирди. Ўсмирлар ўртасидаги ярим финал учрашувлари ўзбекистонлик теннисчилар иштирокида ўтадиган бўлди. Мусобақада биринчи рақамда сараланган ҳамйуртимиз Сергей Шипилов чорак финалда қирғизистонлик Дониёр Дўлтаевни 7:5, 3:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Сергейнинг кейинги босқичдаги рақиби ҳамйуртларимиз – Абдуворис Саидмуҳаммедов ва Пўлат Бобожонов ўртасидаги учрашувда аниқланди. Унга кўра, рақибини 7:6, 6:0 ҳисобида мағлуб этган Абдуворис беллашувларни давом еттирадиган бўлди.
Ўзбекистонлик теннисчилардан Ўзбекистонлик Жалолов россиялик Денис Марковни 7:5, 7:5, Шуҳрат Гизатуллин қозоғистонлик Антон Саранчуковни 6:4, 7:6 ҳисобида енгди. Энди ҳар икки теннисчимиз ярим финалда ўзаро рақобатлашади. Жуфтликлар баҳсида Пўлат Бобожонов ва Жаҳонгир Жалолов ярим финалда қозоғистонлик Дмитрий Бородкин ва беларуслик Алексей Коваленкони 6:4, 6:0 ҳисобида мағлуб этди.
Энди улар финалда ўзбекистонлик Азиз Йўлдошев ва россиялик Никита Кушнарёв билан беллашади. Қизлар мусобақасида истеъдодли ёш теннисчимиз Алина Абдураҳимова россиялик Яна Юрченкони 6:4, 6:4, Екатерина Клюевани 6:3, 3:6, 6:2, ўзбекистонлик Каролина Чернаяни 5:7, 7:6, 7:5 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалда иккинчи рақамда сараланган АҚШ вакиласи Елизаветта Анна Немчиновга қарши кортга чиқади. Жуфтликлар ўртасидаги ярим финал учрашувида ҳамюртларимиздан Нателла Набиева ва Алиса Огородова грузиялик Бабилина Мачаидзе ва Нино Сужашвилини 6:1, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди ўзбекистонлик теннисчилар дуэти ҳал қилувчи баҳсда россиялик Елизаветта Куличкова ва молдовалик Анна Батири жуфтлиги билан беллашади.
манба: uza.uz
