Спорт » fcbunyodkor.com
Сешанба, 27.07.2010, 11:01am (GMT+5)
   Tell friend    Print

“Бунёдкор”нинг яна 4 аъзоси ижарада

“Бунёдкор”нинг навбатдаги футболчилари бошқа клубларга йўл олишди.

Бунгача дарвозабон Мурод Зуҳуров ва чап қанот ярим ҳимоячиси Шавкат Саломов Қаршининг “Насаф” клубига йил охиригача ижарага берилгандилар. Уларнинг кетидан 2010 йил охиригача ижара асосида Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига ҳимоячи Шавкат Раимқулов ўтиб кетди.

Энди эса “қалдирғочлар”нинг яна тўрт вакили бошқа клубларда қўним топишди. Ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов Қатар олий дивизиони дебютанти “Лакоя” клуби билан 10 ойга мўлжалланган битимга имзо чекди. Жасур ҳозирда Францияда – у мавсумга тайёргарлик ўқув-машғулот йиғинини Европада ташкил этган “Лакоя” билан бирга. Ҳасанов 10 июль куни Тошкент-Франкфурт-Париж йўналиши билан “Лакоя” машғулотларига бориб қўшилганди. “Лакоя” 5 август куни Париж-Баҳрайн-Доха йўналиши билан Қатарга қайтади. Жасурнинг ижара шартномаси 2011 йил 15 майгача давом этади.

Осиёнинг 2008 йилги энг яхши футболчиси Сервер Жепаров ҳам “3+1” тизими баҳонасида қитъамиздаги яна бир клубнинг янги аъзосига айланди. У энди 2009 йилги Осиё Чемпионлар лигасида чорак финалгача етиб келган “Сеул” ФК сафида “Кей” лигада тўп суради. Жепаровнинг шартномаси 6 ойга тузилди. Сервер Жанубий Кореяга ўтган чоршанба, 21 июль куни учиб кетганди. Унинг “Сеул” ФКнинг янги футболчиси сифатидаги таништирув маросими бугун, 26 июль куни бўлиб ўтди. Ижара шартномаси 2011 йилнинг 21 январь куни ўз ниҳоясига етади. Ўзбекистон терма жамоаси плеймейкери "Сеул" ФКда иккита "саккизни" танлади ва энди 88-рақам остида ўйнайдиган бўлди.

“Бунёдкор”нинг тажрибали икки ўйинчиси эса мамлакатимиздаги етакчи клублар сарасига кирувчи “Насаф” таркибига бугун, 26 июлдан ўтдилар. Ҳимоячи Хайрулла Каримов ва ҳужумчи Анвар Солиев “Насаф” сафида жорий йил охиригача ижарада бўлишади.

Футболчиларимизни ўз таркибларига жалб этишган “Лакоя”, “Сеул” ва “Насаф” клублари қатор ҳаридларни ўз миллий биринчиликларида юқори ўринларни эгаллаб, Осиё Чемпионлар лигасига йўлланмалар қўлга киритиш мақсадида амалга ошираётганларини ишқибозларга алоҳида айтиб ўтмоқчимиз.

манба: fcbunyodkor.com


Последние комментарии » Все [ 0 ]

Популярные новости

{popular_news}