Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тизимидаги якуний босқичи бўлиб ўтди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори А.Ҳайдаров Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда маънавий-маърифий соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий маданиятимиз ва санаътимизни равнақ топтириш, эзгу анъана ва қадриятларни қайта тиклаш, асраб-авайлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини навқирон авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бу борадаги ибратли саъй-ҳаракатларда ёшларга пухта мусиқий таълим бериш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, қалби ва онгида Ватан тақдири учун дахлдорлик, фидойилик, миллий истиқлол ғояларига садоқат, шонли тарихимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш устувор аҳамият касб етмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, ёшлар тафаккурига табаррук диёримизни, мустақиллигимизни, унинг азиз неъматларини, тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимизни асраб-авайлаш ғояларини чуқур сингдиришда муҳим омил бўлмоқда.
– Юртимиз бўйлаб ўзига хос мусиқа ва санъат байрами сифатида ўтказилаётган кўрик-танловда ёши, касбу кори, миллатидан қатъи назар кўплаб ҳамюртларимиз фаол иштирок этаётир, – дейди Ўзбекистон Давлат консерваторияси проректори Аваз Мансуров. – Айни пайтда ушбу танлов миллий мусиқа санъатимизни янада ривожлантириш, шеърият, бастакорлик, хонандалик йўналишида янгидан-янги истеъдод соҳибларини кашф этиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бадиий мукаммал, юксак савияли қўшиқларни яратиш имконини бермоқда. Кўплаб вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, муассасаларда бўлгани каби танловнинг “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси босқичи ҳам кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди.Унга бирлашма тизимидаги уч мингдан зиёд профессионал ва ҳаваскор хонанда, ижодий гуруҳлар янги мусиқий асарлар билан иштирок этди.
Танлов учун тақдим етилган қўшиқларда истиқлолимиз барча ҳамйуртларимиз учун энг улуғ ва энг азиз қадриятга айлангани, бугунги саодатли кунларимизни қадрлаш, жонажон Ўзбекистонимизни ардоқлаш, ёшлар камолоти йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор юксак пардаларда тараннум этилган. Қўшиқларни саралаш жараёнида мусиқий асарларнинг янгилиги, мукаммаллиги, қўшиқ матни, куйи ва хонанданинг ижро маҳорати ўзаро уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Танлов якунига кўра ҳаваскор хонандалар ўртасида Хуршида Жўраева (Қашқадарё вилояти) биринчи ўринга, “Дурдона” гуруҳи (Тошкент шаҳри) иккинчи ўринга, Шерзод Давронов( Навоий вилояти) ва Шаҳноза Отабоева (Тошкент шаҳри) учинчи ўринга лойиқ топилди. Профессионал хонандалар ўртасида Муҳсимбек ва Яҳёбек Мўминов (Фарғона вилояти) биринчи ўринга, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев (Тошкент шаҳри) иккинчи ўринга, хонанда Абдурашид Йўлдошев (Тошкент шаҳри) учинчи ўринга лойиқ топилди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
манба: uza.uz
