Янги технологияларнинг жорий этилиши натижасида телекоммуникатсияларнинг жадал суръатда ривожланиб бораётгани анъанавий телевизион кўрсатувлардан янги, янада сифатли бўлган ерусти рақамли эфир телекўрсатувларига ўтиш имкониятини яратди
Ўзбекистон МДҲда биринчилардан бўлиб рақамли телевидениени жорий этмоқда. “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг муҳандислик-техник марказида мамлакатимиз ва хорижлик журналистлар учун ўтказилган брифингда бу ҳақда маълум қилинди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган тижорат корхоналар вакиллари Ўзбекистонда рақамли телевидиниенинг ҳозирги аҳволи ва ривожланиш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидиниега ўтиш концепцияси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳозир Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ерусти рақамли телевидениенинг тажриба зонасини босқичма-босқич ташкил қилмоқда. Мамлакатимизда 2015 йилгача ерусти рақамли телевидениесини жорий этишнинг частотали-ҳудудий режаси тасдиқланди.
Радиоалоқа, радиоешиттириш ва телевидение марказининг техник директори Б.Обидовнинг айтишича, мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш борасидаги ишлар 2007 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Ўша йили “Inverson Technogies SA” (Швейцария) ва “Kurt MitterflnerGmbh” (Германия) компаниялари иштирокида иккита лойиҳани рўёбга чиқариш бошланган эди. Ушбу компаниялар Ўзбекистонга Тошкент ва Бухорода ерусти рақамли телевидениесининг тажриба зонасини ташкил қилиш учун энг янги рақамли телекўрсатувчиларни узатиш ускуналарини етказиб берди.
2008 йилда Тошкент ва Бухоро шаҳарларида иккита узатиш аппарати фойдаланишга топширилди. Яқинда пойтахтимиздаги телеминорада яна битта рақамли ретранслятор монтаж қилинди ва ҳозир пойтахтимизда 25 канал транслация қилинмоқда. Кейинчалик уларнинг сони 42 тага етади. Жорий йилда Тошкент ва Самарқанд учун яна учта узатиш аппарати етказиб берилади, бошқа вилоятлар марказлари учун еса тўртинчи узатиш аппарати бўйича тендер ўтказилади.
Ерусти рақамли эфир телевидениеси – бу кўп дастурли телевидение хизматларини тақдим этиш, теледастурлар сифати кўрсаткичларини яхшилаш, кўшимча интерфаол хизматларни кўрсатиш демакдир. Видеотасвирларни йуқори даражада аниқлик билан узатиш имконияти пайдо бўлмоқда. Рақамли телекўрсатувлар мамлакатимиз частота ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, битта анъанавий телеканал ўрнига бир қанча рақамли телеканалларни шакллантириш ва узатиш имконини беради.
Телевизор рақамли сигнални ишончли қабул қилиши учун Set-Top-Box(рақамли тюнер) керак бўлади. Шу сабабли мамлакатимиздаги “TelMax electronics” фирмаси МПЕГ-4 сиқиш технологияси жорий қилинган, янги, юқори самарали Set-Top-Box ерусти рақамли приставкасини ишлаб чиқди. Абонентлар у орқали ерусти тармоқларида шифрланган ва бепул рақамли каналлардан фойдаланиши мумкин. Қулай мену каналларни тез кўздан кечириш ва таҳрир қилиш имконини беради.
Янгилик хорижда ишлаб чиқарилган шундай мосламалардан анча арзон туради. Айни пайтда беш мингта шундай приставка ишлаб чиқарилди. Талаб ортишига қараб, Навоий еркин индустриал-иқтисодий зонасида хорижий инвесторлар иштирокида лойиҳа бўйича 50-60 мингта тюнер ишлаб чиқариш қувватига эга қўшма корхона ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Халқаро стандартларга жавоб берадиган уч турдаги Set-Top-Box тюнерлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
манба: uza.uz
