Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз молия-банк соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Дунёнинг нуфузли рейтинг компанияси – “Fitch Ratings” томонидан шу йил 22 июлда “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик-тижорат банкига жорий рейтинг баҳоси берилди. Унда банкнинг 2010 йилдаги фаолияти, молиявий ҳолати, яъни зиммасидаги молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажара олиш қобилиятига берилган узоқ муддатли “Барқарор” рейтинг баҳолари яна бир бор тасдиқланди. Мазкур халқаро рейтинг компанияси банкнинг ўтган йилги фаолиятига ҳам узоқ ва қисқа муддатли ҳамда умумий узоқ муддатли йўналишлари бўйича “Барқарор” рейтинг баҳоларини берган эди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майда қабул қилинган “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида иш бошлаган ва бугунги кунда мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқларига қадар кириб бориб, Инқирозга қарши чоралар дастури ижросини самарали таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошираётган мазкур банкнинг халқаро миқёсдаги эътирофидан яна бир далолатдир.
манба: uza.uz
